Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида йилига 1 триллион сўм, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 100 миллион доллар, вилоятдаги тадбиркорларга кредит фоиз тўловларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилишини билдирди.
Бу ҳақда Ш. Мирзиёев, ЎзЛиДеП матбуот хизмати қайдича, 11 октябрь куни Қашқадарё вилоятида сайловчилар билан учрашув чоғида маълум қилган.
“Сизлардан илтимос, мен айтаётган рақамларни ёзиб боринг, чунки бу маблағлар манбаси аниқ. Қолаверса, булар қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Қашқадарё халқининг фаровонлигига, вилоятда тадбиркорлик ривожланишига хизмат қилсин”, деган Мирзиёев бугунги кунда одамлар амалиё натижа кутаётганини урғулаган.
Қашқадарёга сафари чоғида амалдаги президент Қарши туманидаги Абу Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилган, Амир Темур даврида қурилмиш Одина масжиди қошида ташкил этилган қатағон қурбонлари хотираси музейини бориб кўрган, сайловчилар ва Қаршидаги президент мактаби ўқувчилари билан учрашган, уларга қатор ваъдалар берган.
Қашқадарё вилоятига сафар ортидан Ш. Мирзиёев душанба оқшомида Бухорога йўл олган.