Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг ўринбосари, “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Бахус хоним Мирзиёевга БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг “саломи ва энг эзгу тилаклари”ни етказган.
“БМТ-аёллар” раҳбари бошчилигидаги делегация 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлар форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган.
Учрашувда Ўзбекистоннинг “БМТ-аёллар” тузилмаси билан конструктив ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Шунингдек,
Самарқандда ўтказилган анжуман якунлари юқори баҳоланиб, форумни Осиё минтақасида аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий мулоқот платформасига айлантириш муҳимлиги таъкидланган.
“Ўзаро ҳамкорлик бўйича, шу жумладан минтақавий даражадаги аниқ лойиҳа ва дастурларни ўз ичига олган ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган дастурни қабул қилиш зарурлиги қайд этилди”, дейилган хабарномада Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда “БМТ-аёллар” тузилмаси ваколатхонасини очиш масаласини қўллаб-қувватлагани қўшимча қилинган.
Ўзбекистонда аёллар ва болаларга қарши зўравонлик масаласи узоқ йиллар мобайнида долзарб муаммо бўлиб келган. Сўнгги йилларда бундай муаммо борлиги яширмай қўйилгани манзарасида мамлакат расмийлари ҳам оиладаги зўравонлик ва гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қарата бошлагани кузатилади.