Пойтахт Тошкентнинг бош режаси тасдиқланмагунча, шаҳарда янги қурилишларга мораторий эълон қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Тошкент шаҳри жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирокида ўтказилган йиғилиш чоғида билдирган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев йиғилишда қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилган.
Йиғилишда президент томонидан жорий йилда пойтахтнинг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда 100 гектар майдонда янги боғ ташкил қилиниши, “Тошкент яшил белбоғи” лойиҳаси бошланиб, баҳор мавсумида 525 минг туп дарахт ва буталар, 20 миллион туп гул кўчатлари экилиши айтилган.
Мирзиёевнинг Тошкентда янги қурилишлар қилиш тўхтатиб турилишига оид гаплари Туркияда 7,8 ва 7,6 балли зилзилалар туфайли кўрилган талафотлар ортидан мотам тутилаётган кунларга тўғри келди. 6 февраль куни рўй берган ер силкинишлари сабабли мамлакат жануби-шарқида, дастлабки маълумотларга кўра, 6,5 мингдан зиёд бино вайрон бўлган, қурбонлар сони эса 8 февраль оқшомигача 9 мингдан ошгани айтилмоқда.
Фожиа ортидан ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Туркияда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг сифати ва зилзилабардошлигини савол остига олиб, расмийлар бу борадаги сиёсатини танқид қила бошлаганлар.
Чоршанба куни зилзила ҳудудига борган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ер силкиниши туфайли вайрон бўлган уйларнинг барчасини тиклаш учун камида 1 йил вақт керак бўлишини айтган. Ўз сўзида Эрдўғон зилзиладан жабр кўрганлар вақтинча Анталия, Алания ва Мерсиндаги меҳмонхоналарга жойлаштирилишини билдирган.
Маҳаллий пабликлар кетма-кет рўй берган зилзилалардан Туркиянинг 10 вилоятида истиқомат қилувчи 13 миллиондан зиёд одам зарар кўргани ҳақида ёзишмоқда.