Мирзиёев давлат тили байрами муносабати билан ўзбекистонликларни қутлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, Учинчи юксалиш даври пойдеворини яратишга қаратилган тарихий ислоҳотлар жараёнида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгилаб олган вазифалар изчил давом эттирилиши лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан мамлакат халқи йўллаган табрикномасида айтилган.

Президентга кўра, бугунги кунда ўзбекистонлик ёшларнинг “дунёқараши, одоб-ахлоқи ва нутқ маданиятига салбий таъсир кўрсатаётган иллатлар, айниқса, турли электрон воситалар орқали тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдидларга қарши маърифат ва илм билан самарали кураш олиб бориш ҳаётий заруратга айланган”.

“Бу борада ахборот-коммуникация технологияларининг тилини ўзбекчалаштириш, бутунжаҳон Интернет тармоғидаги миллий сегментни янада бойитиш, ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ва сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш кечиктириб бўлмас вазифаларимиз сирасига киради”, деган Мирзиёев бугунги кунда жаҳон миқёсида 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида сўзлашишига эътибор қаратган.

Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақомини беришга оид қонун 1989 йилнинг 21 октябрида қабул қилинган.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида ягона давлат тили сифатида ўзбек тили тан олиниши белгилаб қўйилган. Қонун 1995 йил 21 декабрида Ўзбекистон Олий Мажлисининг қарори ва президент фармони билан янги таҳрирда қабул қилинган.

Шавкат Мирзиёев 2020 йил 10 апрелида “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди. Мазкур қонунга мувофиқ, ҳар йили 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонланади.