Ўзбекистонда жорий йил апрелида давлат иштирокидаги 18 та корхона сотувга қўйилади. Мазкур корхоналар рўйхати президент Ш. Мирзиёев томонидан ўтган ҳафтада имзоланган “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида”ги фармонга илова қилинган.
Сотиладиган корхоналар орасида Фарғонадаги “Кварц” шиша заводи ва нефтни қайта ишлаш заводи, турли вилоятлардаги ароқ-вино заводлари ва бошқалар бор:
- “Кварц” АЖ – 89,5 фоиз;
- “Трест-12” АЖ – 51 фоиз;
- “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ – 44,7 фоиз;
- “Жиззах пластмасса” АЖ – 85,8 фоиз;
- “Қўқон механика заводи” АЖ – 64,1 фоиз;
- “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ – 100 фоиз;
- “Кафолат суғурта компанияси” АЖ – 49,3 фоиз;
- “Тошкентвино комбинати” АЖ – 51,8 фоиз;
- “Ўзбекистон шампани” АЖ – 51 фоиз;
- “Ховренко номидаги Самарқанд вино комбинати” АЖ – 71,2 фоиз;
- “Қибрай шароб илмий-экспериментал корхонаси” ДУК – 100 фоиз;
- “Урганч шароб” АЖ – 60,3 фоиз;
- “Нукус вино заводи” АЖ – 51 фоиз;
- “Шаҳрисабз вино-ароқ” АЖ – 51 фоиз;
- “Сирдарё вино” АЖ – 51 фоиз;
- “Конвин” АЖ – 51 фоиз;
- “Мастона” АЖ – 51 фоиз;
- “Электр қишлоқ қурилиш” АЖ – 53,4 фоиз.
Ўтган йил октябрида президент Ш. Мирзиёев “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолагани, фармонга сотиладиган 15 та давлат объекти илова қилингани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.
Ўзбекистон президенти ўтган чоршанбада ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровга ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқовга давлат улушлари мавжуд корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш бўйича топшириқ берганди.
“Қўчқоров, Ортиқовнинг иш фаолиятига давлат улуши мавжуд корхоналарни жорий йилда уч бараварга қисқартириш натижалари бўйича баҳо берилади”, деганди ўшанда Ш. Мирзиёев.