Ўзбекистон президенти келгуси ойда Қирғизистонга ташрифи буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизматининг Шавкат Мирзиёевга хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросимига оид хабарномасида айтилган.
Маросимда президент Мирзиёев Жанубий Корея элчиси Ким Хи Санг, Қирғизистон элчиси Муса Жаманбаев, Жазоир элчиси Бумедиен Геннад, Қозоғистон элчиси Бейбут Атамкулов ва АҚШ элчиси Жонатан Хэникдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган.
Маросимда Қирғизистон элчисига мурожаат қилган Шавкат Мирзиёев “эришилган келишувлар асосида чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуқ” бўлганини таъкидлаган.
Ноябрь ойида икки мамлакат парламентлари ўзбек-қирғиз чегараси ва Кампиробод сув омборига алоқадор икки қонун лойиҳасини маъқуллагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Мазкур қонун лойиҳалари борасидаги турли талқинлар Қирғизистонда фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик кайфиятини уйғотган. Бунинг ортидан расмийлар 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” гумони билан ҳибсга олишган.
Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда сўнгги бор шу йил июлида бўлиб, Чўлпонота шаҳридаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида иштирок этган эди.