Мирзиёев Доғистондаги ҳужумлар ортидан Путинга таъзия билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дарбанд ва Маҳачқала шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва фуқаролар қурбон бўлгани муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, чуқур ҳамдардлик билдирган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Асадовга кўра, Мирзиёев ўз мактубида Доғистондаги террорчилик ҳужумларини қатъий қоралаб, бу таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмаларнинг фаол ҳамкорлигини давом эттиришга тайёрлигини билдирган.

Доғистон раҳбари Сергей Меликовнинг маълум қилишича, 23 июнь куни республикадаги черков, синагога ва куч ишлатар тузилмалари ходимларига қарши содир этилган ҳужум чоғида 15 нафар полициячи ва 5 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Меликов ўз мурожаатида Маҳачқалъа ва Дарбандда “тезкор-жанговар тадбирларнинг актив босқичи” якунланганини ҳам қайд этган. Унга кўра, мазкур тадбирлар давомида олти нафар жангари ўлдирилган. Аввалроқ Миллий аксилтеррор қўмитаси ҳужумчилардан беш нафари йўқ қилингани, улардан икки нафари Дарбандда, уч нафари эса Маҳачқалъада ўлдирилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Доғистон раҳбари ўз мурожаатида расмийлар “бу террор хуружларини уюштириш ортида ким тургани” ва “ташкилотчилар қандай мақсадга эришмоқчи бўлгани”ни англашини айтган. Бироқ у ҳужумчилар қандай мақсадни кўзлагани ва улар ким бўлганига аниқлик киритган эмас.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида ҳужумчилар орасида Доғистондаги Сергоқалъа тумани раҳбари Магомед Омаровнинг ҳам икки ўғли бўлганига оид иддаолар пайдо бўлган. “Интерфакс” агентлиги ҳужумда мулозимнинг ўғилларидан ташқари бир жияни ҳам иштирок этгани ҳақида ёзган. Агентлик манбаси уларнинг учови ҳам ўлдирилганини маълум қилган. Омаров қўлга олинган ТАСС агентлиги хабарига кўра, мулозимнинг уйида тинтув ўтказилган.

Ҳужумлар ортидан Россия Тергов қўмитаси мамлакат Жиноят кодексининг 205-моддаси (террор хуружи) бўйича жиноят иши қўзғаган.