Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги ҳамкор мамлакатларга Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди. Бу таклиф Мирзиёев тилидан 15 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида янграган.
Президент матбуот хизмати қайдича, Шавкат Мирзиёев мазкур мажлисдаги нутқида “Қўштепа” канали қурилиши масаласига тўхталган.
Ўзбекистон президентига кўра, каналнинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.
“Қўштепа” каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарур, деб ҳисоблаймиз”, деган Шавкат Мирзиёев Душанбедаги нутқида.
Жорий йилнинг июнь ойида сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Ўзбекистон Толибонга Амударёдан сув оладиган Қўштепа каналини қуришга кўмаклашишини билдирган эди. Ўшанда вазир расмий Тошкент Толибон вакилларига канал қурилиши юзасидан ташвиш изҳор қилиб, бу лойиҳа Ўзбекистонда сув танқислигини янада кучайтириши мумкинлигини қайд этганини урғулаган. Ҳамроевга кўра, бунга жавобан Толибон Афғонистондаги озиқ-овқат муаммосини ҳал этиш учун сув зарурлиги ва канал қурилиши тўхтатилмаслигини маълум қилган. Шундан сўнг канал қурилишидаги хато ва качиликларни тугатиш мақсадида Ўзбекистон Толибонга канални ҳамкорликда қуриш таклифини киритган.
Озодлик жорий йилнинг март ойида “Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?” сарлавҳали мақола ва видеоматериални эълон қилган эди. Унда мутахассислар мазкур канал учун Амударёдан сув олиниши оқибатида Ўзбекистон сув заҳираси янада озайиши ва бу қурғоқчиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.
Қўштепа каналининг узунлиги 285 километр, эни 100 метр, чуқурлиги 8,5 метрни ташкил этади. Канал қуриб битказилгач, Афғонистон Амударёнинг 10 куб/километр сувини олиш имконига эга бўлади. Бу камида Амударё сувининг учдан бир қисми деганидир.