Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни Эроннинг янги сайланган президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот аввалида Мирзиёев Пезешкиённи Эронда ўтказилган президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаган.
Шундан сўнг икки президент Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада ривожлантириш, савдо, инвестиция ва транспорт соҳаларидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилишган.
Мулоқот чоғида энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.
Хабарномада суҳбат чоғида Мирзиёев ва Пезешкиён минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларга ҳам тўхталишгани қўшимча қилинган.
Аввалроқ Озодлик Эронда 5 июль куни бўлиб ўтган президент сайловининг иккинчи босқичида ислоҳотчи номзод Масъуд Пезешкиён ғалаба қозонгани ҳақида хабар қилган эди.
Эронда президент давлат раҳбари бўлиб ҳисобланмайди, у айниқса ташқи сиёсатда анчагина чекланган ваколат эгаси бўлмиш ижроия ҳокимияти раҳбаридир. Шунга қарамай, президент дунёнинг турли мамлакатлари билан алоқалар оҳангига ўз таъсирини кўрсатиш имконига эга.