Ўзбекистон урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни ўз шифохоналарида беғараз даволашга тайёр. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган навбатдан ташқари араб-ислом саммитидаги нутқида гапирди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон раҳбари Фаластин ва Ливан ҳудудидаги мислсиз гуманитар инқирознинг олдини олиш учун давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан ёрдам кўламини кенгайтириш лозимлигини урғулаган. Хусусан, БМТнинг катта тажрибага эга бўлган махсус агентлиги ва бошқа институтлари фаолиятига зарурий кўмакни оширишни таклиф қилган.
“Дунё ҳамжамиятининг қатъий ҳаракат ва чақириқларига қарамасдан, халқаро меъёрлар ва резолюцияларнинг қўпол равишда бузилиши давом этмоқда. Уруш олови эндиликда Ливан ҳудудини ҳам қамраб олгани барчамизни қаттиқ ларзага солмоқда”, дея Яқин Шарқдаги жорий вазият юзасидан хавотир изҳор қилган Мирзиёев.
У “минг-минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар ўлимига сабаб бўлаётган бу вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланаётгани”ни ҳам айтган.
Фаластин халқи “1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақли” эканини қайд этган Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин – Исроил муаммосини икки давлат тамойили орқали ечиш тарафдори эканини яна бир карра таъкидлаган.
Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Россия мезбонлигида ўтган “БРИКС плюс” саммитидаги нутқида ҳам Ғазо сектори ва Ливандаги вазият юзасидан хавотир билдирган, тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмаслигини қайд этганди.