Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Россия мезбонлигида ўтган “БРИКС плюс” саммитида сўзлаган нутқида Яқин Шарқ, хусусан, Ғазо сектори ва Ливандаги вазият юзасидан хавотир изҳор қилди.
“Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди”, деган у.
Президент матбуот хизматининг иқтибос келтиришича, Мирзиёев минтақада ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмас вазифа эканини қайд этган. Шунингдек, Исроил–Фаластин муаммосининг ягона ечими “икки халқ учун икки давлат” тамойилини амалга татбиқ этиш эканини урғулаган.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида Афғонистон муаммосига ҳам тўхталган.
“Бизнинг умумий вазифамиз – ушбу мамлакатни яккалаш эмас, балки Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатишдир”, деган у.
Ўзбекистон раҳбари “инсонларга улкан азоб-уқубатлар, оғир изтироб ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишлар келтираётган уруш ва можаролар сони ортаётган” паллада “геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан холи тарзда, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш” заруратидан баҳс этган.
Мирзиёев ўтган йил 31 октябрь куни Ғазо аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллион доллар ёрдам ажратилишини маълум қиларкан, Ўзбекистон “Фаластин халқи билан бирдам экани” ва “мустақил Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб-қувватлаши”ни таъкидлаган эди.