Бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқислик мавжуд. Оқибатда мингдан зиёд маҳаллада табиий газ босими пасайган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалаларининг танқидий таҳлилига бағишланиб, 16 декабрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда давлат раҳбари ўзига баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмаслиги, жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижасига ижтимоий тармоқларда халқнинг ўзи холис баҳо бераётганини таъкидлаган.
“Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки ўттиз йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз. Лекин буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда”, деган Ш. Мирзиёев.
Президент газ экспортини қисқартириб, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берган. Қайд этилишича, бунинг ҳисобига кунига 7-8 миллион куб метр табиий газ қўшимча равишда ҳудудларга йўналтирилади. Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун яна 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, энергия ресурслари таъминотини яхшилаш чоралари ҳам муҳокама қилинган.
Қиш мавсумида тармоқ ва ҳудудларда узлуксизликни таъминлаш учун суткасига 10-12 миллион киловатт-соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилган. Президент бу қувватни “Тошкент”, “Сирдарё”, “Янги Ангрен” электр станцияларидаги 900 мегаваттли 5 та энергоблокни ишга тушириш ҳисобидан таъминлаш бўйича топшириқ берган.
Узилишларга, асосан, тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани ҳамда электр энергиясига талабнинг ошиб бораётгани сабаб бўлаётгани, шу боис паст ва ўрта кучланишли тармоқларни босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросига тезроқ киришиш зарурлиги таъкидланган.