GM Uzbekistan машиналарни сўмда сотишга ўтиши олдидан бозорда нарх ошди

Тошкентдаги Сирғали автомобил бозори.

GM Uzbekistan ширкати ўзида ишлаб чиқарилган автомобилларни 1 июндан ўзбек сўмига сотишни бошлаши ҳақида эълон қилгач, Ўзбекистон машина бозорларида янги ажиотаж бошланди. Бозорда машиналар нархи бир кунда ўртача 20 фоизга қимматлади. Кўпчилик савдогарлар 1 июндан “машина салонларда қимматлармиш” деган гумонга асосан¸ уларни сотмай қўйган. Автосалонларда ҳам 29 майдан 31 майга қадар “инвентаризация сабаб” автомобиллар сотиш тўхтаган.

GM Uzbekistan ширкати мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда 1 июндан мамлакатнинг барча автосалонларида машиналар ўзбек миллий сўмида сотилишини тасдиқлади:

- Муҳтарам президентимизнинг фармонлари бор. Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда "Ўзавтосаноат" GM Uzbekistan автомобилларини 1 июндан ички бозорда миллий валюта - сўмга сотишга ўтиш таклифига розилик берсин, деб 26 май куни фармон чиқарганлар, шу бўйича 1 июндан машиналар сўмга сотилади, - деди GM Uzbekistan ширкати мулозими.

Бу суҳбатдош¸ GM Uzbekistan автомобилларининг сўмда сотилиши улар нархига қандай таъсир қилиши ҳақида маълумоти йўқлигини билдирди:

- 1 июндан кейин машиналарнинг нархлари қандай бўлиши ҳақида маълумот йўқ. Лекин, шуни айтишим мумкин ҳозир ҳамма салонларда инвентаризация бўлaяпти. Ҳозир янги тизимга тайёрланишaяпти, - деди GM Uzbekistan ширкати мулозими.

Озодликка маълум бўлишича¸ GM Uzbekistan автомобилларининг сўмга сотилиши арафасида автосалонлардаги савдонинг тўхтатилгани муносабати билан машина бозоридаги нархлар ўртача 20 фоизга кўтарилган:

- Савдогарлар 1 июндан “машина қимматлармиш” деган ўйда машиналарини сотмай туришибди. Сотадиганлари 20-30 фоиз қиммат нарх айтишаяпти, - дейди Тошкентнинг Сирғали автомобиль бозоридаги машина даллолларидан бири.

Тошкент машина бозорининг кунда-шундаларидан бири¸ иқтисодчи Тоҳир Собиров ҳукумат қарори ижроси жараëнида автомобиль бозорида мавҳум вазият юзага келганини айтади:

- Аниқ маълумот йўқ. Машинани ҳақиқатан сўмга сотадими? Сотса, қанақа нархда бўлади? Масалан 4 минг, 5 минг долларлик машиналар бор. Агар уни давлат курсида ҳисобласангиз анча арзон машина бўлади. Энди ўшаниng нархи қанақа бўлади? Бугунги давлат курсига қараб белгилашадими ёки "қора бозор"га қараб нарх қўйишадими? Ҳозир шу саволлар очиқ турибди, - дейди Тоҳир Собиров.

Айрим экспертлар бу тадбир Ўзбекистондаги нақд пул тақчиллиги шароитида одамлардан нақд пулни йиғиб олиш ва қора бозорда АҚШ доллари қимматини ушлаб тушириш учун қилинаётган амал эканини айтишмоқда.

Тоҳир Собиров ҳам бу фаразларда жон бор, деган фикрда:

- Ҳозир “қора бозор”да бир АҚШ доллари 8500 сўмга етган. Эртадан машиналарни сўмда сотишса, одамлар қоплаб сўм олишни бошлайди. Сўмга талаб ортади ва ўз-ўзидан сўмнинг курси ошади. Буни авваллари ҳам қилишган. Аҳолидан сўмни олиб бўлишгач¸ яна машиналарни долларда сотишга ўтишган, - дейди Тоҳир Собиров.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг аксарият қисми экспорт қилиниши боис, ўзбекистонликлар олдиндан автомобилқ нархининг 85 фоизини тўлашга ва бир йил мобайнида ўз хариди тайëр бўлишини кутишга мажбур.

GM Uzbekistan ширкати мулозими 2017 йил 1 июндан олдин тузилган шартномалар бўйича машина шартномада кўрсатилган нархда эгаларига етказиб берилишини айтди:

-1 июндан кейинги нархлардаги ўзгариш ундан олдин шартнома имзолаганларга тааллуқли бўлмайди, - деди GM Uzbekistan ширкати мулозими.

Йилига 250 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга экани айтиладиган GM Uzbekistan қўшма корхонасида Nexia, Cobalt, Lacetti, Malibu, Gentra, Matiz, Spark ва Damas автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.