Мирзиёев ҳар бир маҳаллага профессор ва таниқли зиёлилар бириктирилишини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда ҳар бир маҳаллага “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан соҳага қўшимча штатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилган.

Мирзиёев терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бораётгани, баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилаётганидан огоҳлантириб, бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқ тинчлиги, мамлакат манфаатларини ўйлаб яшаш зарурлигини урғулаган.

Президент лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлаган. У Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтган.

Мирзиёев мазкур марказнинг “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирган.

Йиғилишда мутасаддиларга Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Ўзбек тилининг давлат тили мақомини кучайтириш, Ўзбекистонда ва хорижда уни ўрганиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан кўрсатма берилган.

Президент миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш мақсадида “Ижод” жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши таъкидлаган.

Қайд этилишича, мазкур жамғармага 120 миллиард сўм ажратилиб, маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини самарали амалга ошириш, миллий адабиётни ривожлантириш учун сарфланади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишга йўналтирилади.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар бўйича соҳа мутасаддилари, ўқитувчи ва профессорлар, вазирлар, вилоят ҳокимлари фикр билдирганлар.