Ўзбекистондаги ҳар бир вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳ ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига “аҳволи оғир” тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшлар номма-ном бириктирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан 11 апрель куни Тошкентда ўтказилган йиғилишда билдирилган.
Мазкур йиғилишда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий қилинаётгани, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилгани, эндиликда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишланиши таъкидланган.
Хусусан, яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёшлар “яхши” тоифага, турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш “ўрта” тоифага, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёшлар эса “аҳволи оғир” тоифасига алоҳида ажратиб олингани қайд этилган. Вазир, ҳоким, ректорлар дохил мулозимларга айнан шу учинчи тоифага кирадиган ёшларни оталиққа олиш топширилган.
Айни пайтда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларга асосий эътиборни “ўрта” тоифага кирган 4,6 миллион ёшлар билан ишлашга қаратиш лозимлиги айтилган.