Ўзбекистонда ички ишлар идоралари ходимларининг маоши оширилиши мумкин. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Фарғона вилоятига сафари чоғида билдирган.
“Мен ички ишлар ходимларидан миннатдорман. Пандемия вақтида осойишталигимизни таъминлаш бўйича улар ўзини кўрсата олди. Шунинг учун уларнинг маошини кўтариш, сифатли ўқитиш ва ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар кўряпмиз”, дея иқтибос келтиради Ш. Мирзиёев сўзларидан Кун.уз нашри.
Фарғонадаги йиғилишда президент жиноятчиликнинг асосий сабаби ишсизлик экани, аҳоли бандлиги таъминланган тақдирда, жиноятчилик ҳам ўз-ўзидан камайишини қайд этган.
Ўзбекистонда карантин чоғида жойлардаги ИИБ ходимларининг ойлиги камайгани ҳақида Озодлик 2020 йил ноябрида хабар қилганди.
Ўтган йил декабрида ИИВ ходимларининг ойлиги икки баравар оширилиши тўғрисида хабарлар тарқалган, бироқ вазирлик бу маълумотни рад этиб, “ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини такомиллаштиришга оид маълумотлар фақатгина расмий манбаларда эълон қилиниши”ни эслатган.