Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзига ажратилган қароргоҳда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амреевни қабул қилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати учрашувда ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилганини билдирган.
Президент Мирзиёев 11 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун Истанбул шаҳрига борган, уни аэропортда Истанбул волийси Али Ерликая бошчилигидаги турк расмийлари кутиб олишганди. Бу Мирзиёевнинг иккинчи президентлик муддати аввалида хорижий ўлкага қилган илк сафаридир.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида Ш. Мирзиёевдан ташқари Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон президентлари ва Венгрия бош вазири ҳам қатнашиши кутилмоқда.
Асосий тадбирлари 12 ноябрга мўлжалланган саммитда Кенгаш доирасидаги кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, савдо, инвестиция, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниши режаланган.
Кечаги учрашувда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдод Амреев президент Мирзиёевга бўлажак саммитга тайёргарликнинг бориши, тадбир дастури ва кун тартибидаги масалалар тўғрисида маълумот берган.