Мирзиёев ихчам иссиқхоналар учун 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилишини очиқлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (архив сурати)

Ўзбекистонда “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида ихчам иссиқхоналар қурилиши учун 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда 2024 йилги устувор вазифалар юзасидан 12 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев ёқилғисиз иситиладиган, ихчам иссиқхоналарни барпо қилиш тажрибасини қўллаб-қувватлаб, тайёр ҳолда топшириш шарти билан 10 сотихли 200 тагача ихчам иссиқхона қуриш вазифасини қўйган.

Йиғилишда мева-сабзавот етиштириш ва экспортини ошириш масалалари хусусида сўзлаган президент бу ишни амалга ошириш мақсадида аҳолига яна 60 минг гектар ерни тарқатишга қарор қилингани, бунинг натижасида 1,5 миллион тонна қўшимча маҳсулот олиб, экспортни яна 200 миллион долларга ошириш мумкин бўлишини қайд этган.

Видеоселектор йиғилишида жорий йилдан Ўзбекистонда илк бор четдан олиб келинган чигитни экишга рухсат берилгани, 70 та туманда минерал ўғит сақлаш омборлари ташкил этилиши, 10 мингта техника фермер ва деҳқонларга 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан лизингга берилиши, балиқ етиштириш ҳажмини 1 миллион тоннага етказиб, қўшимча 50 минг аҳолини банд қилиниши, Вьетнам ва Хитой тажрибаси асосида пиллани саноат усулида етиштириш йўлга қўйилиши ва бошқа масалалар ҳақида сўз юритилган.