Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида Мирзиёев Ўзбекистоннинг тез фурсатда ЖСТга аъзо бўлиши муҳимлигини урғулаган.
Учрашувда мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, ташкилотга аъзо мамлакатлар билан фаол музокаралар олиб борилаётгани, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш шартлари муҳокама қилина бошлангани ва миллий қонунчиликни ташкилотнинг меъёр ва қоидаларига мувофиқлаштириш ишлари давом этаётгани қайд этилган.
Шунингдек, учрашув давомида халқаро савдони тартибга солиш масалалари бўйича ўзбекистонлик экспертларнинг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган ва шундан келиб чиққан ҳолда, ЖСТ кўмаги билан Ўзбекистонда Савдо сиёсати бўйича компетенция марказини ташкил этиш таклиф этилган.
Қабул якунида ЖСТ раҳбари Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Аввалроқ Нгози Оконжо-Ивеаланинг Тошкентда бошқа қатор расмийлар, жумладан Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси ва қизи Саида Мирзиёева билан учрашгани ҳақида хабар қилинган эди.