Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Тошкент вилоятига қилган сафари чоғида журналистлар билан мулоқот қила туриб, уларни мамлакатдаги вазиятни оммага объектив тарзда кўрсатишга, ўткир саволларни сўрашдан ва кўзга ташланаётган муаммолар бўйича масъулларни танқид қилишдан чўчимасликка чақирган. Мазкур чақириқ президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган видеобаёнда акс этган.
“Танқид қилинглар! “Нимага сен шуни қилмаяпсан? Нимага топшириқни қилмаяпсизлар” деб, фамилиясини, расмини олиб чиқиб бир кўрсатинглар – бутун эл билсин. Бу учта-тўртта қарордан ҳам кўпроқ таъсир қилади, сизларнинг кучларинг катта”, деган Ш. Мирзиёев бу каби танқид ўз фаолиятига ҳам қаратилиши мумкин ёки эмаслиги ҳақида оғиз очмаган.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон президенти жойларга уюштирилган сафарлари чоғида журналистлар қаршисида чиқиш қилиши кузатилмоқда. Бу каби жонли мулоқотларнинг биринчиси Мирзиёевнинг шу йил февраль ойида Наманган вилоятига қилган сафари пайтида амалга ошган. Мазкур чиқишларда журналистлар, матбуот анжуманларида бўлганидек, президентга ўзлари истаган саволни бериш имконига эга бўлмаган бўлсалар-да, бундай жонли мулоқотлар халқаро кузатувчилар томонидан “муҳим ҳодиса” ўлароқ баҳоланмоқда.