Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция куни арафасида “жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган” 182 нафар шахсни муддатидан олдин озод қилишга оид фармонни имзолаган. Бу ҳақда у Конституция куни муносабати билан ватандошларига йўллаган табригида билдирган.
Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган байрам табригида 182 нафар шахснинг қайси жиноятлари учун жазога тортилганига аниқлик киритилган эмас.
Кейинроқ Адлия вазирлиги афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилгании, 108 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилингани, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилгани ҳамда 63 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилгани ҳақида маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, афв этилганларнинг 6 нафарини чет эл фуқаролари, 6 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 9 нафарини аёллар ҳамда 25 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Ўзбекистонда сўнгги бор Мустақиллик куни муносабати билан 215 маҳкум амнистияга тушган эди. Шу йил август ойи охирида мамлакат президенти томонидан имзоланган фармонга мувофиқ афв этилганлар орасида хориж давлатларининг 69 фуқароси ва тақиқланган ташкилотларга аъзоликда айбланган 15 киши борлиги айтилган.