Мирзиёев “Марказий Осиё - Ҳиндистон” онлайн саммитида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни илк бор ўтказиладиган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” онлайн саммити ишида қатнашади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбир Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Унда Марказий Осиё мамлакатлари билан Ҳиндистон ўртасидаги “кўп томонлама муносабатларни янада кенгайтириш, минтақавий боғлиқликни кучайтириш ҳамда минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш масалалари кўриб чиқилади”.

Саммит кун тартибидан савдо, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, инновациялар ва рақамли технологиялар, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида амалий ҳамкорликни илгари суриш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Тадбир якунида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Деҳли декларацияси қабул қилиниши айтилмоқда.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда кузатилган блэкаутнинг илк куни Ш. Мирзиёев “Марказий Осиё давлатлари - Хитой” онлайн саммитида иштирок этган эди. Анжуманда ХХР раиси Си Цзиньпин Хитой яқин 3 йил ичида минтақа давлатларига ижтимоий лойиҳалар учун 500 миллион доллар миқдорида беғараз ёрдам ажратишини эълон қилган.