Мирзиёев мева-сабзавот экспорти суст вилоятларни танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистондаги айрим вилоят, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлар ишни тўғри ташкил қилмагани сабаб мева-сабзавот экспорт ҳажмида катта ўзгариш сезилмаяпти.

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан 28 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев ана шу масалага тўхталган.

Ери бошқалардан карра-карра кўп бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўсиш уларнинг имконияти ва шароитига мутлақо мос эмаслиги, Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг экспорти эса ўтган йилги кўрсаткичга етмаётгани қайд этилган.

Шунингдек, 64 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан камайган бўлса, шундан 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган.

Халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар тўлиқ ишлатилмаётгани, айрим ҳудудлар бирорта лойиҳа таклифи бермагани ҳам эътироз уйғотган.

Ҳокимлар бугун дунёдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, ҳар куни изланиб, янги-янги имкониятлар топиб, ишга солиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди”, дейилган Президент матбуот хизмати хабарномасида.

Йиғилишда озиқ-овқат экспорти борасидаги ютуқлар ҳам саналган.

Қайд этилишича, бу йил Ўзбекистоннинг озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга (1,2 баробар) ўсиб, 2 миллиард доллардан ошди.

Мамлакат ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6-7-ўринга, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиқди.

Экспорт Қорақалпоғистон ва Жиззахда 2,2 баробар, Хоразмда 1,8 баробар ва Сурхондарёда 1,6 баробар кўпайди.

Озодлик аввалроқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари анъанавий бозорларни бой бераётгани, мамлакатдан мева-сабзавотни экспорт қилиш шартлари ёмонлашгани ҳақида таҳлилий мақола ёйинлаган эди.