Ўзбекистонда маънавий тарғиботнинг қамрови ва таъсирчанлиги паст ҳамда бу борада ёшларнинг қизиқишлари инобатга олинмаяпти. Бу ҳақда, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев раислигида 11 апрель куни ёшлар сиёсатига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган.
Маънавий тарғибот сустлиги билан боғлиқ муаммоларга тўхталган президент Мирзиёев бу борада “Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиб, уларга соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтириш” юзасидан топшириқлар берган. Бироқ бу ўринда “мафкуравий таҳдид” дейилганда нима назарда тутилганига аниқлик киритилган эмас.
Йиғилишда ёшлар билан ишлаш соҳадаги давлат сиёсатини самарали ташкил этишга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари” дастурини ишлаб чиқиш, қонунчиликни ўзгартириш вазифалари белгиланган.
Видеоселекторда президент ёшлар билан ишлаш барча раҳбарларнинг, кенг жамоатчиликнинг, бутун жамиятимизнинг энг устувор вазифаси эканини урғулаган. Сешанба кунги йиғилишда Шавкат Мирзиёев ҳар бир вазир, ҳоким, ректор, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига 50 нафардан “аҳволи оғир” тоифадаги эътиборга муҳтож ёшларни бириктириш хусусида топшириқ бергани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.