Мирзиëев ҳокимлар ваколатини қайта кўриб чиқишни топширди (ВИДЕО)

24 январь куни Ўзбекистон Олий мажлисининг иккала палатаси қўшма мажлисида йиллик Мурожаатини тақдим этган президент Шавкат Мирзиëев¸ ҳокимлар ваколатини қайта кўриб чиқиш лозимлигини билдирди.

Амалдаги қонун ҳужжатларида ҳокимликларнинг 300 га яқин вазифа ва функциялари назарда тутилган. Шундан 175 таси мазмун-моҳиятига кўра ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмайди ва турли идораларнинг функцияларини такрорлайди.

Бу эса иш сифати ва ижро интизомига салбий таъсир кўрсатиши табиий.

Шу сабабли Олий Мажлис Сенатига Адлия вазирлигини жалб этган ҳолда, шу йилнинг биринчи ярмида ҳокимларнинг ваколатларини қайта кўриб чиқиш ва уларга хос бўлмаган ҳамда бир-бирини такрорлайдиган функцияларни тегишли органларга ўтказишни таъминлаш бўйича таклиф тайёрлаш топширилади”¸ деди ўз мурожаатида президент.

Мирзиëев шунингдек вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят кенгашларида ҳисобот берадиган тизим жорий қилинишини билдирди.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан кўп ўтмай у туман¸ шаҳар ва вилоят ҳокимларини ўзининг жойлардаги конституцион вакили сифатида шахсан ўз ҳимоясида эканини таъкидлаган эди.

- Ҳоким президентнинг Конституциявий вакили. Ҳокимнинг айби бўлса, биринчи менга ёзасан, кейин биз бу ҳокимни жазога тортамиз. Сизлар эса олдин ҳокимни қамаб қўйиб, кейин хат ёзасизлар. Ким шу ишни қилса, бу ишни қилган ташкилотнинг раҳбари жиноий жавобгарликка тортилади.Ана шуни ҳамма билиб олсин, -деган эди 2017 йил декабрида Мирзиёев.

Президент "погонликларга" (асосан прокуратура¸ ДХХ назарда тутилмоқда -таҳр.) ҳокимларнинг айтганини хоҳласа ҳам¸ хоҳламаса ҳам қилиши шартлигини ¸ тергов идораси уларни терговга чақирса¸ уларнинг ўзини жиноий жавобгарликка тортишидан огоҳлантирганидан сўнг ҳокимлар қонундан ташқаридаги шахсларга айланди.

Ҳокимларнинг истаган қарор билан фермерлар ерини тортиб олиб¸ истаган ҳудудни бузиш ҳақида ҳеч кимга изоҳ ва ҳисоб бермасдан буйруқ чиқариб¸ бу ишларни амалга ошириб келгани ортидан кейинги уч йил ичида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида жиддий норозиликлар кузатилди.

Хусусан¸ Қашқадарëда тадбиркор янги дўконини шахсан ўзи бульдозерга ўтириб бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб ëқиб юборган бўлса¸ Хоразмда аҳоли уйлари бузилишига қарши намойишга чиққан эди.