Ўзбекистонда Наврўз байрами муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Мазкур тавсия президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 17 февралида имзоланган “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда акс этган, бироқ бу хайриялар кимнинг ҳисобидан амалга оширилишига аниқлик киритилган эмас.
Ҳужжатдаги “алоҳида эътибор”га молик тавсияларнинг яна бири Наврўз арафасида мамлакатнинг барча ҳудудларида, “ҳар бир кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш” бўлиб ҳисобланади.
Қарор билан ҳукуматга Наврўз байрамининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланишини таъминлаш вазифаси топширилган. Тошкентдаги халқ сайлини эса ўтган йили Мустақиллик байрами арафасида президент томонидан тантанали равишда очилган, бироқ очилганидан икки ой ўтмай, реконструкцияга муҳтож бўлиб қолган “Янги Ўзбекистон” мажмуасида ўтказиш кўзда тутилган.