Мирзиёев ўтказган видеоселекторда бир неча мулозимга ҳайфсан берилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан Тошкентда ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатор амалдорларни қишга тайёргарликни барбод қилганлик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни обрўсизлантирганликда айблади.

Йиғилиш давомида ишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, “Ўзбекнефтгаз” раиси Меҳриддин Абдуллаев, “Иссиқлик электр станциялари” раиси Фарҳод Абдураҳмонов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” раиси Дадажон Исақулов, “Ҳудудий электр тармоқлари” раиси Улуғбек Мустафоев, “Ўзтрансгаз” раиси Беҳзод Норматов, “Ҳудудгазтаъминот” раиси Баҳодир Эшмуродовга ҳайфсан берилган.

“Агар улар одамларни аниқ режа ва таҳлил билан огоҳлантирганида, адолатли ҳақиқатни айтганида, одамларимиз тўғри тушуниб, норози бўлмас эди", дея иқтибос келтирган Ш. Мирзиёев сўзларидан президент матбуот хизмати.

Видеоселектор йиғилиши чоғида ҳайфсан олган мулозимларга икки ой давомида фавқулодда режимда ишлаш бўйича топшириқ берилган.

Қишнинг илк ўн кунлигида Ўзбекистон энергетик бўҳрон домида қолгани, мамлакат бўйлаб электр энергияси ва газ таъминотида соатлаб узилишлар, газ тўлдириш шохобчаларида турнақатор навбатлар кузатилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ қатор материаллари орқали хабар қилган.