Мирзиёев ўзбек-афғон чегарасидаги янгитдан жиҳозланган божхона масканига борди

Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек-афғон чегарасидаги ""Айритом" божхона постида (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафари доирасида 1 июнь куни Термиз туманидаги “Айритом” чегара божхона постини бориб кўрди. Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ягона ўтказиш пункти бўлган бу масканда яқинда паспорт назорати ва божхона кўриги заллари барпо этилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, чегара божхона пости “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури доирасида энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган, унда радиация миқдори минимал бўлиб, ҳайдовчи машинадан тушмасдан хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бу бир соатда бошқа постлардан 10 баробар кўп, яъни 200 тагача автотранспортни ўтказиш имконини беради. Мазкур постда бир кеча-кундузда 2 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатилиши мумкинлиги айтилмоқда.

“Айритом”да маҳаллий журналистлар олдида чиқиш қилган президент Мирзиёев авваллари бу постда инсон омили жуда юқори бўлгани, ҳозир ҳамма соҳани рақамлаштириш, иложи борича инсон омилини камайтириб, адолатли, коррупциядан йироқ қилишга интилинаётгани ҳақида гапирган.

“Айритом” божхона постида чегарадан ўтаётган поезд, автотранспорт ва фуқароларга хизмат кўрсатилади. Шу важдан бу ерда ўтказувчанликни тезлаштириш ва фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида иш ягона дарча тамойили асосида уюштирилгани қайд этилган.