Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни ўзбек-қирғиз чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Зикр этилган икки қонунга 29 ноябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонидан қўл қўйилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.
Мазкур қонун лойиҳалари 14 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, 17 ноябрь куни Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши, 18 ноябрь куни эса Ўзбекистон Сенатида муҳокама қилиниб, маъқулланган.
Ҳар иккала шартнома эса Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари томонидан шу йил 3 ноябрида Бишкек шаҳрида имзоланган.
Президент матбуот хизмати хабарномасида қайд этилишича, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома 13 та моддадан иборат бўлиб, унда чегаранинг 35 та участкасидаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонга 4957 гектардаги Андижон сув омбори ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилади, Қирғизистонга эса компенсация тарзида 1019 гектар яйлов ерлари берилади.
Шунингдек, Қирғизистонга Андижон сув омборининг қурилмай қолган Кампиробод чап қирғоқ канали учун “Ғовасой” участкасидан 12 849 гектар ер майдони компенсация тарзида берилади. Бунда, Қирғизистон томони “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган гидротехник ва бошқа иншоотларни қурмаслик, сувнинг техник ифлосланишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади.
Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим 11 та моддадан иборат бўлиб, унда Андижон сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича қўшма комиссия тузилган ва унинг фаолияти тўғрисидаги низом тасдиқланган. Битимда томонларнинг ўзаро мажбуриятлари акс эттирилган. Хусусан, Ўзбек томони сув омборидаги сув сатҳини 900 горизонталдан юқори бўлмаган сатҳда ушлаб туриш, Қирғизистон фуқароларининг сув омбори сувига эркин кириши ва ундан фойдаланишини (ҳайвонларга сув бериш, суғориш, балиқ овлаш) таъминлаш, атрофида муҳандислик-техник иншоотларни ўрнатмаслик мажбуриятларини олган. Қирғизистон томони сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрнатилиши, ундан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятларини олган.
Андижон сув омборининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар келишиб олинди. Унга кўра, Ўзбекистон томони сув омборининг хавфсизлигини таъминлайди, эксплуатация қилади, техник хизмат кўрсатади, Қирғизистон томони билан келишилган лимитлар доирасида сув чиқаради.
Ҳар икки мамлакат президентлари томонидан кеча ва бугун имзоланган қонунлар борасидаги турли талқинлар аввалроқ Қирғизистондаги фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик кайфиятини уйғотган. Бунинг ортидан расмийлар 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” гумони билан ҳибсга олишган.