Ўзбекистонда 500-750 киловольтли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини ҳосил қилиш режалаштириляпти. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 30 январь куни ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишиш чоғида билдирган.
Президент қайдича, 2026 йилга бориб мамлакатда жами генерация қувватларини 27 минг 400 мегаваттга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 110 миллиард киловатт соатга етказиш мўлжалланган.
“Шунда юртимизнинг барча ҳудудлари 500-750 киловольтли тармоқлар орқали мустаҳкам боғланади ва бир бутун тизим яратилади”, деган Ш. Мирзиёев.
Ўзбекистон ҳамда қўшни мамлакатларда 25 январь куни содир бўлган блэкаут ҳақида тўхтала туриб, президент буни ягона энергетика тизимининг 220-500 киловольтли магистрал электр тармоқлар орқали тўлиқ ҳалқалаштирилмагани, Шимоли-Ғарбий ва Жануби-Ғарбий энергоузелнинг асосий қисмида 500 киловольтли тармоқлар йўқлиги, баъзи магистрал тармоқлар қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтгани билан изоҳлаган.
Тақдимот чоғида Ш. Мирзиёев мамлакат электр энергияси тизимини ислоҳ қилиш, қўшни давлатлар билан соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган.