Мирзиёев Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маҳкумларни топширишга оид қонунни имзолади

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 февралида Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасидаги маҳкумларни топшириш бўйича келишувни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунга қўл қўйган.

Ҳужжат ўтган йил октябрида парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилиниб, икки ой ўтгач юқори палата томонидан маъқулланган эди.

Келишув матни ўтган йил март ойида Туркия президентининг Тошкентга сафари чоғида Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов ва Туркия адлия вазири Бекир Бўздағ ўртасида алмашилганди.

Қонунда икки мамлакатнинг бирида жиноят содир этган ва озодликдан маҳрум этилган қарши давлат фуқароларининг жазони ўз юртида ўташи учун шарт-шароит яратиш ва шу билан боғлиқ қатор тадбирлар кўзда тутилган.

Аввалроқ Озодлик президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида маҳкум алмашишга оид келишувни ратификацияси тўғрисидаги қонунни имзолагани ҳақида хабар қилган эди.