Ўзбекистонда узум навларининг миллий брендини яратиб, хорижда тарғиб этиш, салоҳиятли бозорлар билан фитосанитар келишувларга эришиш лозим. Бунга оид топшириқ, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев томонидан 7 июль куни узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида берилган.
“Тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар келгуси йилларда экспортни янада ошириш учун ўзларининг аниқ режаларини белгилаб олишлари керак. Бундан буён, етиштирилган ҳосил 30 фоизигача экспорт қилинса, даромад ва мулк солиқлари 30 фоизга, экспорт 30 фоиздан ошса, 2 бараварга камайтирилади. Шунингдек, экспорт қилинган ҳар бир литр табиий вино учун, 5 минг сўм субсидия ажратилади”, деган Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда 1 гектар ғалла майдонида 2 киши ишлаб, кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот етиштирилса, узумчиликда, айниқса, шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини иш билан таъминлаб, 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ўртача 25 минг долларлик экспорт қилиш мумкинлиги қайд этилган.
Президент Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 44 та туманда янги экспортбоп узум плантациялари ташкил этиш, ушбу плантацияларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлаган. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида узумчиликни ривожлантириш, кўчат билан таъминлаш ва касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича Лойиҳа офислари ташкил этилиши белгиланган.
Йиғилишда қайд этилишича, академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда бошқа илмий муассасаларнинг ерларида сертификатланган узум кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади. Токзорлар барпо этиш ва эскиларини янгилашни рағбатлантириш мақсадида сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия берилади. Узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилади.
Йиғилишда Инновацион ривожланиш вазирлигига хорижий тажриба асосида узумнинг ҳосилдор, данаксиз, совуққа ва касалликларга чидамли янги навларини яратиш бўйича топшириқ берилган.