Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакат мусулмонларига қутлов йўллади.
“Фурсатдан фойдаланиб, мана шу табаррук айёмни байрам қилаётган ер юзидаги барча мусулмон умматига, хорижий дўстларимиз ва ҳамкорларимизга халқимиз номидан самимий салом ва табрикларимизни йўллаймиз”, дейилган президент табрикномасида.
Ш. Мирзиёев ўз табригида пандемия шароитида ҳайит намозини масжидларда ўқимаслик қарори тўғри бўлганини урғулаган.
“Ҳозирги мураккаб пандемия даврида диний ибодатларни уй шароитида адо этиш бўйича кўпни кўрган уламоларимиз томонидан билдирилган таклиф ҳеч шубҳасиз халқимизнинг ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилган энг тўғри қарордир.
Ушбу улуғ айём кунларида барчамиз Қодир Аллоҳдан бутун инсоният бошидан кечираётган бундай оғир синовларни енгиб ўтишда Ўзи мададкор бўлишини сўраймиз”, дейилган президентнинг табрик матнида.