Мирзиёев: Ўзбекистонликлар келажакда Қозоғистон ва Тожикистон чегарасидан ID карта билан ўтишлари мумкин

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири (архив сурати)

Ўзбекистонликлар келажакда Қозоғистон ва Тожикистон чегараларидан ID карта билан ўтиш имконияти эга бўлишлари мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида билдирган.

Ўзбекистон фуқаролари 2023 йил 1 сентябридан Қирғизистон чегарасидан осонлаштирилган тартибда ID карта билан ўтиш имкониятига эга бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Мирзиёевга кўра, эндиликда бундай тартиб бошқа қўшни давлатлар билан ҳам йўлга қўйилиши мумкин.

Ҳозирги вақтда фуқароларимиз Қирғизистонга ID карта билан бемалол бориб-келмоқдалар. Энди шундай тартибни Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам жорий этиш режалаштирилган”, деган жумладан президент Мирзиёев.

Қуйи палатада чоршанба куни бўлиб ўтган мажлисда сўзлаган нутқида Ўзбекистон президенти Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини ҳам таъкидлаган.

Мирзиёевга кўра, Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташқи сиёсатда устувор йўналиш бўлиб қолади.

“Келгуси йили юртимизда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё бешлиги” учрашуви шу йўлдаги яна бир улкан амалий қадам бўлади”, деган Мирзиёев.

“Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа етакчи ҳамкор давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан самарали ва тизимли алоқаларни янада ривожлантириш доим эътибор марказида бўлиши”ни таъкидлаган Мирзиёев бу йўналишда хусусан Россия етовидаги ташкилотлар билан муносабатлар қай йўсинда илгарилашига аниқлик киритган эмас.