Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарур. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.
Йиғилиш чоғида президент соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев ва унинг ўринбосари Баҳодир Юсупалиевга бир ой муддатда биринчи навбатда эмланиши зарур бўлган аҳоли тоифасини белгилаб, уларнинг электрон рўйхатини шакллантиришни топширган.
Мирзиёев “вилоят ҳокимлари билан бирга, оилавий поликлиника ва қишлоқ шифокорлик пунктларидаги 3 мингдан зиёд эмлаш бўлимлари шайлигини таъминлашдан ташқари, яна қўшимча 800 та мобил бригада ташкил этиши зарур”лигини ҳам таъкидлаган.
Ўзбекистонликлар айнан қайси мамлакатда ишлаб чиқарилаётган вакцина билан эмланиши ҳозирча маълум эмас.
Ҳозирги кунда мамлакатда Хитойнинг коронавирусга қарши ZF 2001 вакцинаси III босқич синовлари ўтказилаётгани, унда 9 минг кўнгилли иштирок этиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов 10 февраль куни АОКАда ўтказилган брифингда Россияда ишлаб чиқилган СПУТНИК-V вакцинасини ҳам Ўзбекистонга олиб келиш, ушбу вакцинани сертификатлаш ва эмлаш тадбирларини бошлаш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган.
Шунингдек, COVAXга аъзо давлатлар қаторида Ўзбекистонга ЖССТ томонидан маъқулланган вакциналар ҳам олиб келиниши кутиляпти.