Ўзбекистон Либерал-демократик партияси амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни муддатидан илгари президент сайловига номзод ўлароқ кўрсатди. Партия матбуот хизмати маълумотига кўра, президент сайловига номзод кўрсатиш ЎзЛиДеПнинг 30 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган XI съездида амалга оширилган.
Съездда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайлов дастурининг асосий йўналишлари билан таништирган.
Мирзиёев ўз дастурининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш, одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат каби бешта мақсаддан иборат эканини очиқлаган.
Хабарномада съезд қарори билан партия қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини рўйхатга олишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этиши қайд этилган.
Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови жорий йилнинг 9 июлига белгиланган. Таҳлилчилар 40 кундан сўнг ўтказилажак натижаси олдиндан маълум сайловда катта фарқ билан Мирзиёев ғалаба қозонишига шубҳа қилишаётгани йўқ.
Аввалроқ “Миллий тикланиш” партияси президент сайлови бўйича Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирган. Айни пайтда “Адолат” партияси Робахон Маҳмудовани, Халқ демократик партияси Улуғбек Иноятовни, Экологик партия эса Абдушукур Ҳамзаевни президентликка номзод қилиб кўрсатган.