Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5-чақириқдаги илк ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Президент матбуот хизмати қайдича, Мирзиёев ўз чиқишида парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини айтган.
Бунинг учун эса қонунчилик идорасида мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилган.
Шунингдек, у янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши кераклигини урғулаган.
Мирзиёевга кўра, ҳозирча парламент назорати тўлақонли таъсирчан институтга айланди, деб айтиб бўлмайди. Парламент ва депутатлик назорати ижтимоий соҳа билан чекланиб қолмоқда.
Нутқ давомида Қонунчилик палатасига ҳукумат аъзоси ҳисоботини эшитиб, унинг якунларига кўра ушбу раҳбарни истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ҳуқуқи берилгани эслатилган.
Йиғилишда ташкилий масалалар ҳам кўрилган.
Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан ЎзХДП вакили Нуриддин Исмоиловни навбатдаги муддатга Қонунчилик палатасининг спикери этиб сайлаган.
Озодлик аввалроқ хабар берганидек, ЕХҲТ Ўзбекистонда 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловига доир дастлабки баёнотида сиёсий муҳит чекланган ҳолда қолгани ва сайловчиларга ҳақиқий танлов имконияти берилмаганига эътибор қаратганди.
“Рўйхатдан ўтган беш партия ҳукумат сиёсатини умумий қўллаб-қувватлагани сабабли сайловчиларга ҳақиқий муқобил вариантлар тақдим этилмади. Бу фуқаролар овозини чинакам ифодалаш учун янада фаол ва рақобатбардош сиёсий муҳитни яратиш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди”, деган эди ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегацияси раҳбари Саргис Ханданян.