Мирзиёев пахтакорликдан қутулиш учун туризмни ривожлантиришни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев (архив сурати)

Ўзбекистонда туризм соҳаси ривожлантирилса, пахта етиштиришга ҳожат қолмайди. Бу ҳақда амалдаги президент ва ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни самарқандлик сайловчилар билан учрашув пайтида айтган.

Туризм соҳасида яратилган битта янги иш ўрни, бошқа соҳаларда яна 2 та иш ўрни пайдо бўлишига туртки беради. Очиқ айтадиган бўлсак, жазирама иссиқ ва изғирин совуқда, ҳаммани пахтага мажбурий сафарбар этган йилларда ҳам, Ўзбекистон пахта толасининг экспорти 1 миллиард доллардан ошмаган. Ҳозирги кунда туризм экспорти бу маррадан ошиб ўтди. Агар уни 3-4 баробар оширсак, жайдари қилиб айтганда, “пахта экмасак” ҳам бўлаверади”, деган жумладан Мирзиёев.

Унга кўра, мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш учун қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Халқаро аэропортларда хорижий туристларга Ўзбекистонда сотиб олган маҳсулоти учун қўшилган қиймат солиғини қайтариб беришни йўлга қўйиш, хориждан турист олиб келган тур-операторларга экспортчи корхоналар каби ҚҚС тўлиқ қайтариб берилиши, тур-операторлар транспортига шаҳардаги туристик маршрут ва объектларга бориш учун қулай ҳаракатланиш шароитлари таъминланиши, чет элдан олиб келинган туристик транспорт воситалари учун ҚҚСни 3 йил ичида фоизсиз ва бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши кабилар шулар жумласидандир.

Президент ва номзод Мирзиёев фикрича, келгуси 7 йилда (яқинда ўзгарган конституцияга мувофиқ, мамлакат президенти айнан шунча муддатга сайланади – таҳр.) туризм экспортини 5 миллиард АҚШ долларига, Ўзбекистонга келаётган хорижлик туристлар сонини эса 15 миллион нафарга етказиш, шунингдек, ички туризмни рағбатлантириш лозим.

Мирзиёев туризм соҳасини ривожлантиришда автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспорти тармоғини янада кенгайтириш муҳимлигига эътибор қаратган.

Рақамларга эътибор қилинг. 2016 йилга қадар 25 йил ичида Ўзбекистон 25 та самолёт олиб келган. Биргина монопол авиакомпаниямиз бор эди”, деган Мирзиёев сўнгги йилларда 19 та замонавий самолёт олиб келинганиди, бешта хусусий авиакомпания иш бошлагани, натижада шу йилнинг ўзида авиаташувлар сони 2 баробарга кўпайганини урғулаган.

2030 йилгача Ўзбекистонга яна 56 та замонавий самолёт олиб келиниши, шу орқали мамлакат авиапаркидаги учоқлар сони 100 тага етказилишини қайд этган Мирзиёев ҳар бири юзлаб миллион доллар турадиган самолётлар учун маблағ қаердан олинишига аниқлик киритган эмас.