Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путин таклифига биноан 25-26 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган МДҲ ва ЕОИИ саммитларида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Санкт-Петербург шаҳрида бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномага мувофиқ, Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида ҳамда Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этади.
“Саммитлар кун тартибидан мазкур кўп томонлама бирлашмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган. Биргаликда қилинган ишларнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинади ва келгуси йилги амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилади”, дейилган хабарномада.
РФ президенти Владимир Путин ўз туғилган куни ёки Янги йил арафасида Ўзбекистон дохил “дўст” мамлакатлар президентларини Россияга таклиф қилиб туриши одат тусига кирган. Дейлик, Ўзбекистон президенти шу йил 7 октябрида ҳам (Путиннинг туғилган кунида) “амалий ташриф билан” Москвага борган эди. Ўша пайтда Мирзиёевнинг сафарига МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Москвада бўлиб ўтадиган галдаги саммити асос ўлароқ кўрсатилганди. Октябрь ойида 72 ёшга тўлган Владимир Путин Россия Федерациясини қарийб чорак асрдан буён бошқариб келмоқда.