Мирзиёев қардош давлатлар раҳбарларининг табригини қабул қилди

МСК расмий маълумотига мувофиқ, Ш. Мирзиёев президент сайловида 80,1 фоиз овоз олган

Ўзбекистон президенти лавозимига қайта сайланган Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровлар билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларнинг табригини қабул қилган.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотдан келиб чиқилса, қардош давлатлар раҳбарлари билан мулоқотда асосан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига тўхталинган.

Маълумотларга кўра, душанба куни Тошкентга сим қоққан қардош ўлкалар президентларидан Қасим-Жомарт Тоқаев Мирзиёевни ҳали МСК маълумотлари расман эълон қилинмасидан туриб ғолиблик билан табриклашга улгурган.

Аввалроқ Озодлик Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳали овоз беришнинг расмий натижалари эълон қилинмай туриб, Мирзиёевни телефон орқали сайловдаги ғалаба билан табриклагани ҳақида хабар қилган эди.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 24 октябрь куни Ўзбекистонда ўтказилган президент сайловида Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан “ишончли ғалаба қозонган”. Иккинчи ўрин Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисовага (6,6 фоиз), учинчи ўрин эса “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодировга (5,5 фоиз) насиб қилган.

Якшанба куни ўтган сайловда кузатувчилик қилган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси сайловолди жараёнида номзодлар амалдаги президентга эътироз билдиришдан ёки уни танқид қилишдан тийилишганини, Мирзиёев эса бу даврда ўз лавозимидан кенг фойдаланганини билдирган.