Мирзиёев Қозоғистон президенти билан телефон орқали сўзлашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот ўтказган. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати мулоқот санасига аниқлик киритган эмас.

Суҳбат чоғида, қайд этилишича, “давлат раҳбарлари Қозоғистондаги вазиятнинг ривожланиши, республикадаги ҳолатни барқарорлаштириш, тез фурсатда тинчлик ва осойишталикни қайта тиклаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашганлар”.

Мирзиёев Қозоғистоннинг биродар халқи ва раҳбариятини уларнинг мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

Аввалроқ президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев 5 январдан эътиборан таътилга чиққанини маълум қилган эди.

Янги йил бошидан суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши Қозоғистон ғарбида бошланган норозилик тўлқини 3 кун ичида бутун мамлакат бўйлаб ёйилган.

Кеча ҳукумат газ нархи туширилишини эълон қилганига қарамай, норозиликлар тўхтагани йўқ - намойишчилар эндиликда сиёсий талабларни илгари сура бошлашган. Норозилик чиқишлари қабатида 5 январдан ҳукумат истеъфога кетган ва аввалги президент Нурсултон Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан озод қилинган, шунингдек, қатор расмий идораларда етакчи кадрлар алмаштирилган.