Мирзиёев расмий ташриф билан Малайзияга боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан Малайзияда бўлади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ташриф Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим таклифига биноан амалга оширилади.

Ташриф доирасида Куала-Лумпур шаҳрида бош вазир Анвар Иброҳим билан икки томонлама музокаралар, Малайзиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар, қўшма бизнес форуми ва бошқа тадбирларда кўзда тутилган”, дейилган хабарномада.

Шунингдек, ташриф чоғида Ўзбекистон-Малайзия дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда амалий ҳамкорликни, шу жумладан, савдо, инвестициялар, инновациялар, технологик кооперация, нефть-кимё, электроника, “яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа кўплаб устувор йўналишларда кенгайтириш масалалари муҳокама этилиши, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши урғуланган.

Ўзбекистон президенти Малайзия бош вазири билан халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини ҳам кўриб чиқиши қайд этилган.

Мирзиёев Анвар Иброҳим билан олий даражадаги учрашуви якунида икки давлат ўртасидаги кенг кўламли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот ва салмоқли битимлар тўплами қабул қилиниши режаланган.

Бўлажак ташрифни Ўзбекистон президентининг Малайзияга жавоб ташрифи деб аташ мумкин. Ўтган йилнинг май ойида Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим уч кунлик сафар билан Ўзбекистонга келган, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, қатор тадбирларда иштирок этган эди.