Мирзиёев расмий ташриф билан Туркманистонга кетмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамкасби Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 20-21 октябрь кунлари расмий ташриф билан Туркманистонда бўлади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ашхободда бўлиб ўтажак олий даражадаги музокараларда асосий эътибор Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янги босқичда янада мустаҳкамлаш, саноат, энергетика ва кимё тармоқларида, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида кооперацияни кенгайтириш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалаларига қаратилади.

Аввалроқ Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифини амалга ошириши ҳақида ҳам маълум қилинган. Буни очиқлаган ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Нуран Ниязалиев Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга келиши санасига аниқлик киритмаган, бу икки президентнинг кун тартибига боғлиқ эканини айтган эди.