Мирзиёев сайлов кодексига ўзгартиш киритишга оид қонунни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 31 май куни “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади, дея маълумот тарқатди Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали.

Кодексга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар бундан буён фақат судлар томонидан кўриб чиқилади.

Янги тартиб бўйича президент сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси авалда бўлганидек 6-8 нафар эмас, 8–18 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Ўзгартирилган сайлов кодексида сайловчилар билан учрашувларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳокимликлар камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмаслиги қайд этилган.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига жорий йил февраль ойида киритилган ўзгартишларга биноан эндиликда президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу галги президент сайлови 2021 йил 24 октябрига белгиланиши кутилмоқда.