Мирзиёев: Сенатда мансабдорлар ҳисоботи юзаки кўриляпти

Шавкат Мирзиёевнинг Сенатдаги нутқидан лавҳа, Тошкент, 2024 йил 19 ноябри (Президент матбуот хизмати фотоси)

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ўндан зиёд юқори мартабали мансабдорнинг ҳисоботини эшитиш ваколатига эга бўлса-да, амалда ҳисоботлар кўп ҳолларда чуқур таҳлилларсиз кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев янги чақириқ Олий Мажлис Сенатининг 19 ноябрдаги илк мажлисидаги нутқида тўхталган.

У юқори палата ўз фаолиятида тўлиқ ишга солиши мумкин бўлган имкониятларга эътибор қаратиб, жумладан қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйишни тавсия қилган.

Мирзиёев, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши кураш борасидаги дастурларни тўлиқ рўёбга чиқаришда сенаторларнинг иштироки муҳимлигини урғулаган.

“Ўзингиз бир тасаввур қилинг – 37 миллионли халқдан фақатгина 65 нафар инсонга сенатор бўлишдек юксак шараф ва бахт насиб этди. Бу улкан ишонч ва масъулиятнинг қадрига етиш, уни ҳалол ва содиқ хизмат билан оқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир”, деган президент.

Янги таркибдаги юқори палатанинг илк мажлисида Сенат раҳбарияти сайланган. 2019-2024 йилларда Сенат раиси ўлароқ фаолият юритган Танзила Норбоева яна раҳбарлик курсисини сақлаб қолган.