Мирзиёев Сенатнинг тўққиз нафар аъзосини тайинлади

Сенат аъзолари йиғилишларидан бири (архив сурати)

Президент Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини тайинлаш тўғрисида”ги фармонни имзолаган. Ҳужжат матни Ўзбекистон президенти сайти орқали ёйинланди.

Фармонга мувофиқ, қуйидаги кишилар Олий Мажлис Сенати аъзолари этиб тайинланган:

• Азамат Зиё – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори;

• Муножатхон Йўлчиева – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори;

• Абдусаид Кўчимов – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори;

• Қудратилла Рафиқов – Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси;

• Миракбар Раҳмонқулов – Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори;

• Содиқ Сафоев – Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари;

• Алишер Саъдуллаев – Ёшлар ишлари агентлиги директори;

• Содиқжон Турдиев – Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси;

• Турсинхон Худайбергенов – Президент маслаҳатчиси.

Ўзбекистон Конституциясининг 92-моддаси ҳамда Сайлов кодексининг 75-моддасига асосан, парламент юқори палатасининг тўққиз нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан президент томонидан тайинланади.

2023 йилда Конституция янгилангач, Сенат аъзоларининг умумий сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарган.

Эндиликда Сенат аъзолари Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда 4 нафардан (илгари 6 нафардан) сайланади. 9 сенатор эса (илгари 16 нафар эди) президент фармонига асосан тайинланади.

Маълумот ўрнида, Марказий сайлов комиссиясининг 16 ноябрдаги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган сенаторлар рўйхатга олинди.

МСК қайдича, янгидан шаклланган Сенат аъзоларининг 56,6 фоизи 60 ёшдан катталарни ташкил этди. Анъанавий равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳам сенатор бўлган.

Янги таркибдаги Сенатнинг илк мажлиси 19 ноябрь куни чақирилади.