Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолибликни қўлга киритиб, чемпионга айланган ўзбек шахматчилари, уларнинг мураббийлари ҳамда олимпиаданинг бошқа иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.
Фармонга мувофиқ, миллий терма жамоа аъзолари Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев “Ўзбекистон ифтихори” унвони билан, терма жамоа мураббийлари Владимир Егин ва Иван Соколов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони билан, миллий терма жамоа аъзолари Мафтуна Бобомуродова, Маржона Маликова, Умида Омонова, Афруза Ҳамдамова ва Нилуфар Ёқуббоевалар эса “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланади.
Мирзиёев чоршанба куни Тошкент архитектура қурилиш институти талаба ва ўқитувчилари билан мулоқот чоғида шахмат олимпиадаси чемпионларига автомобиль совға қилишга қарор қилганини билдирган.
“Шахматчиларимиз кечқурун уйига 400 миллионлик машина миниб борса, ота-онаси: “Болам, ҳеч нарса қилмасанг ҳам шахмат ўйна”, деб айтади”, деган жумладан Ш. Мирзиёев.