Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 январь куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида бўлиб ўтган “Абу Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитидаги нутқида дунё давлатларини ўта муҳим стратегик хомашё бўйича ҳамкорликка ундади.
“Минтақамиз улкан уран ва ўта муҳим стратегик хомашё захираларига бой. Бу йўналишда ҳар бир хорижий ҳамкоримизга барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрмиз”, деган Ўзбекистон раҳбари.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтиш эканини таъкидлаган.
Мирзиёев 2024 йил 17 сентябрь куни Остонада ўтказилган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитидаги чиқишида ҳам Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида ўта муҳим хомашё ресурслари соҳасида ҳамкорлик қилиш заруратига тўхталганди.
Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга қадар уран қазиб олиш кўрсаткичини йилига 7100 тоннага етказиш режасини эълон қилган.
Ўзбекистонда 132 минг тонна уран захираси мавжуд бўлиб, бу дунё захирасининг 2 фоизини ташкил қилади. Мамлакат мазкур стратегик хомашё захираси бўйича жаҳонда 11-ўринда туради.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Франциянинг Orano ширкати Навоий вилоятида уран қазиб олиш ва қайта ишлашга 500 миллион долларгача сармоя киритиш ниятини билдирган.