Мирзиёев тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортиш тизимини либераллаштирмоқчи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан Нукус шаҳрида ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқотда, 2024 йил 20 августи (president.uz фотоси)

Ўзбекистонда ер савдосидан тушган маблағлар биринчи навбатда давлатнинг мулки бузилган тадбиркорлардан қарзни сўндиришига йўналтирилиши, шунингдек, ишбилармонларни жиноий жавобгарликка тортиш тизими либераллаштирилиши мумкин. Ушбу таклифлар президент Шавкат Мирзиёев томонидан 20 август куни Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан учрашувда илгари сурилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда кўчмас мулк бузилиши бўйича компенсация тўлашда ҳалигача муаммолар борлиги қайд этилган.

Амалдаги тартибга мувофиқ, “снос” учун товон пули харажатлари вилоят бюджети ҳисобидан қопланади. Мирзиёев айрим вилоятлар бюджетида маблағ камлиги учун тадбиркорнинг пулини қоплаб бериш 5-6 йилга чўзилиб кетаётганига эътибор қаратган. Муаммога ечим сифатида эса ер сотувидан тушган маблағларни мулки бузилган тадбиркорлар компенсациясига йўналтиришни таклиф этган.

Фуқаролар ва тадбиркорларга тегишли иншоотларнинг бузилиши – “снос”лар Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи бузилиши рамзига айланиб кетгани сир эмас. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда мулки ўзбошимчалик билан бузиб ташланган, товон пули ололмаган ватандошларнинг шикоятлари бот-бот эълон қилинади.

Давлат идораларининг “снос” туфайли жисмоний ва юридик шахслардан қарздорлиги борасида расмий статистика мавжуд эмас. Аммо Мирзиёев 2021 йил август ойидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор эканини айтган, барча ҳисоб-китобларни 1 сентябрга қадар якунига етказиш шартини қўйган эди.

Ўзбекистон президенти Қорақалпоғистон мезбонлигида ўтган сўнгги учрашувда тадбиркорлик фаолияти учун тўсиқларни камайтириш бўйича яна қатор таклифларни илгари сургани хабар қилинган. У, хусусан, мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишга асос бўладиган қонун бузилиш ҳолатлари даражаси белгиланмагани, бунинг оқибатда арзимаган камчиликлар билан ҳам тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳолатлари кузатилаётганини танқид қилган. 1 ноябрга қадар аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига реал хавф солувчи мезонлар реестрини ишлаб чиқиш топшириғини бериб, тадбиркор фаолиятини ушбу рўйхатда мавжуд бўлмаган сабабга кўра тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирган.

Мирзиёев фикрича, тадбиркорларни жиноий жавобгарликка тортишни янада либераллаштириш ҳам муҳим. Ҳозирда 100 миллион сўмдан ортиқ солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Бу лимит 2 баробарга (200 миллион сўмга) оширилиши кутилмоқда.

Ишбилармонлар кредит олишдаги сансалорликлар, бюрократик тўсиқлардан арз қилиб келади. Йиғилишда шу масала ҳам кўтарилган. Жумладан, кредит олди-бердисида банк ҳам, тадбиркор ҳам таваккал қилса-да, амалиётда банкнинг ҳуқуқ ва ваколатлари тадбиркорга нисбатан анча кўпроқ экани урғуланган. Кредит вақтида қайтмаса, гаровга қўйилган мулк шартнома тузилган пайтдаги қийматида сотувга чиқарилиши ҳам номақбул ҳол, деб баҳоланган.

“3-4 йил олдин кредит олинганда 100 миллион сўмга баҳоланган мулкнинг бугунги нархи 30-40 фоиз қимматлашса, уни қандай қилиб эски қийматида сотиш мумкин? Тўғри, муаммоли кредит билан қаттиқ шуғулланиш керак, лекин бу тадбиркорни “тугатиш” ҳисобидан бўлмаслиги зарур”, деган Мирзиёев.

Ваъда қилинишича, эндиликда гаровдаги мулкни савдога чиқаришдан олдин унинг ҳозирги бозор қиймати аниқланадиган, қайтмаган қарздорлик гаров қийматининг 15 фоизидан кам бўлса ундирув мулкка қаратилмайдиган тизим яратилади. Банк мижозига қарзни бошқа манба ҳисобидан қоплашга имкон беради.

Нукусдаги йиғинда Ўзбекистон президенти тадбиркорларни “тинч, эркин ва фаровон ҳаётимиз гарови” деб алқаган, уларга “Ҳеч нарсадан чўчиманг. Билинг, ортингизда Президент турибди!” дея далда берган.