Мирзиёев: Тартиб-қоидаларнинг 29 фоизи ЖСТга уйғунлаштирилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев техник тартибга солиш соҳасидаги қонунчилик Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) талабларига мослаштириш муҳимлигини айтди, дея хабар қилди “Gazeta.uz” нашри.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича қоидаларни уйғунлаштириш кўрсаткичи йил бошида 25 фоиз бўлган бўлса, ҳаракатларимиз билан буни 29 фоизга етказдик. Мана, қанча ишимиз турибди”, деган Мирзиёев 10 октябрь куни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган йиғилишда.

Таъкидланишича, мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлишида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва метрология масалалари муҳим аҳамиятга эга.

Сўнгги йилларда мамлакатда 12 мингта стандарт тасдиқланган. Йил бошидан буён яна 1 минг 40 та халқаро стандарт қабул қилинган. Маҳсулот хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш мақсадида 29 та техник регламент ишлаб чиқилган.

Мирзиёев ташқи бозорларга чиқиш учун самарали техник тартибга солиш тизими шартлигини таъкидлаб, қўшимча вазифалар белгилаган.

Ўзбекистондаги 269 лабораториядан 105 таси халқаро стандартлар томонидан тан олинмаган. Демак, жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотлар чиқара олмаймиз”, деган у.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокараларни қарийб 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил июль ойида қайта бошлаган. Расмий Тошкент аъзолик жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканини билдирган. Жумладан, жорий йил 5 июнь куни ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилган президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг тез фурсатда мазкур халқаро тузилмага аъзо бўлиш истагини урғулаган.

2023 йил август ойида мамлакат қонунчилигини ЖСТ келишувларига уйғунлаштиришга қаратилган фармон қабул қилинган.

Ўзбекистон – ЖСТ билан ташкилотнинг бутун тарихи давомида энг узоқ музокара олиб борган давлат. Бу йил музокаралар бошланганига 30 йил тўлди.

ЖСТ аъзо давлатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланувчи ягона глобал халқаро ташкилот ҳисобланади.

ЖСТга аъзолик рақобатбардошлик ва савдо ҳажмини оширишга кўмаклашади.